Содержание
-
ЭССЕ ЁЗИШ ТАЛАБЛАРИ
Вилояттаълим бошқармасининг методика кабинети Шахло Наралиева
-
Янги форматдаги ЯМТ
Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан министрлигининг 2016 йил 16 ноябрдаги 660-сонли буйруғига биноан 2016-2017 ўқув йилида ўрта умумтаълим мактабларидаги 11-синф ўқувчиларини якуний аттестациялашга ўзгаришлар киритилди. 11-синф ўқувчиларига ўзбек тили ва адабиёти фанидан топшириладиган имтиҳонда эссе ёзиш талаби қўйилди. Бугунги машғулотлар давомида эссе атамаси, унинг турлари, тузилиши, ўзига хос хусусиятлари, талаблари ва унинг иншодан фарқли жиҳатлари тўғрисида маълумотлар берилади. Шунингдек, эссе мавзулари, уни баҳолаш критерий(мезон)лари ва эссе намуналари тавсия этилади.
-
Якуний аттестациялаш учун имтиҳонда она тили ва адабиёт фанларидан ўқувчи адабий эссе ёзади.
Адабий эссе – эссе турлари ичидаги энг мураккаби ҳисобланади. У ёзилиш мақсадига кўра қуйидаги турларга бўлинади: -тавсифловчи эссе -мулоҳазали эссе -умумлаштирувчи эссе -аргументли эссе -ижодий эссе
-
ТАВСИФЛОВЧИ ЭССЕ
ТАВСИФЛОВЧИ ЭССЕДА асосий эътибор маълум асар юзасидан у ёки бу масалани таъриф-тавсифлаш, таҳлил қилишга қаратилади.
-
МУЛОҲАЗАЛИ ЭССЕ
Мулоҳаза тарзидаги эсседа ўқувчи муаллифнинг маълум нарса юзасидан чиқарган ҳукмига, воқеа тафсилотининг баёнидаги тутган ўрнига, тасвир воситасига ўз муносабатини билдириб ёзади.
-
УМУМЛАШТИРУВЧИ ЭССЕ
Умумлаштирувчи эссе ўқувчининг маълум бир масаланинг бир неча хил талқинини фикр элагидан ўтказиши, унинг у ёки бу жиҳатларини ўзаро таққослаши, шулар орқали ечим чиқариши ва ўз хулосасини билдириши билан характерланади.
-
АРГУМЕНТЛИ ЭССЕ
Аргументли эсседа ўқувчи эссе бошиданоқ ўз шахсий нуқтаи назарини билдиради, уни қатъий тарзда фактлар орқали далиллайди.
-
ИЖОДИЙ ЭССЕ
Ижодий эссени ўқувчи асар юзасидан олган таассуротларидан келиб чиқиб ёзади. Бунда ўқувчи маълум қаҳрамон ҳақида фикр юритиши, вазиятга тушиши, унинг хатти-ҳаракатларидаги ожиз ёки кучли жиҳатлар ҳақида фикр юритиши мумкин.
-
Эссе ва иншонинг фарқли томонлари
ЭССЕ Эссе – француз тилида "essai" – «тажриба», инглиз тилида "essay", "assay" – интилиш, ижодий синов, очерк; латинча "exagium" – "ўйлаш" деган маънони билдиради ИНШО Иншо – араб тилидан олинган сўз бўлиб, "бино қилиш", "қуриш" деган маънони билдиради.
-
ЭССЕ – ўқувчининг аниқ мавзу юзасидан шахсий фикр-мулоҳазалари асосида ёзиладиган ихчам ижодий иш ҳисобланади. Унинг ўзгачалиги мавзуда кўтарилаётган муаммога факт ва далилларни ўринли келтириш орқали ўз муносабатини билдириш. ИНШО – ўқувчининг ўзбек адабиёти фанидан олган назарий билимларини ўз фикри ва дунёқараши билан боғлаб ёзадиган ижодий меҳнати. Бунда ўқувчидан ўқилган бадиий асарни чуқур ўйлаши, таҳлил қилиши, сўнг бадиий тил билан таъсирли ифодалаши талаб этилади.
-
Эссе эркин композиция асосига қуриладиган, тузилиш жиҳатдан ихчам насрий асар бўлиб, бадиий-публицистик жанрнинг бир тури. Эссе муайян бир режа асосида ёзилмайди. Иншо – тузилиши жиҳатдан ҳажми кенг, фан бўйича эгалланган назарий билимлар асосида ёзиладиган ижодий иш. Иншо учун режа тузилади ва эпиграф ёзилади.
-
Эссенинг турлари бир неча хил бўлиб, у ёзилиш мақсадига кўра қай турга мансублиги аниқланади. Иншо шартли равишда уч гуруҳга бўлинади: адабий, адабий-ижодий ва эркин мавзудаги иншолар.
-
Эссенинг мақсади – ўқувчини фаол фикрлашга ўргатиш, ўз мулоҳазаларини далиллашга йўналтириш, тил унсурларидан ўринли фойдаланиш орқали фикрни тўғри етказиб бериш кўникмаларини шакллантириш Иншодан кўзда тутилган мақсад ўқувчининг ёзма нутқини ривожлантириш
-
ЭССЕ ЁЗИШ
Эссе ёзиш ўқувчиларга ўз фикрини эркин билдиришга, мавзуга алоқадор маълумотни онгли қабуллашга ва тушунишга, муаммонинг ечимини топишга алоқадор далиллардан фойдаланиб, ўз хулосасини аниқ ва саводли баён этишга имкон яратади. Муҳими, келтирилган факт ва далилларнинг ўринли қўлланишидир.
-
Эссе ёзишда қуйидаги талабларга қатъий риоя қилинади:
• шахсий муносабатнинг билдирилиши; • тезис – калит сўзни тўғри аниқлаш; • фактли далиллар (аргументлар); • назарияга асосланиш; • атамаларни ўз ўрнида қўллаш; • цитаталар келтириш; • турли хил кўзқарашларни мисолга келтириш; • мантиқий қонуниятнинг сақланиши; • таққослаш ва хулосалаш усулларидан фойдаланиш; • саводлилик (услубий, имло, тиниш белгилари); • юмор, ўткир ҳажв; • фойдаланилган илмий манбаларга ҳаволалар.
-
Ёзма имтиҳон иши – эссе180 минут
Ўқувчиларга беш мавзу тавсия этилади. Ҳар бир ўқувчи ўзи учун маъқул бир мавзуни танлаб олади. Ўқувчилар танланган мавзу бўйича ҳажми 250-300 сўздан иборат эссе ёзадилар. Ёзилган имтиҳон иши ўқувчининг танлаган мавзуни тушуниши, шахсий фикр-муносабатларининг изчил ва далилли тарзда, саводли ёзма баён эта олиш қобилиятини кўрсатади. Ўқувчилар ишни икки хил: хомаки ва оқ нусхада ёзадилар. Хомаки нусха ҳам ёзма иш билан бирга топширилади (хомаки нусха зарурат бўлгандагина текширилади). Имтиҳон давомида луғатлардан, дарсликлардан ва қўшимча адабиётлардан фойдаланишга рухсат этилмайди.
-
Эссенинг тузилиши
1.Кириш Мавзу ҳақида тушунча, мавзунинг долзарблигини ифодаловчи фикр берилади. Тезис (асосий ғоя, шахсий муносабат\нуқтаи назар) ёзилади ва келтирилган тезисга таъриф (2-3 гап) берилади. Мавзуга тегишли икки қарама-қарши фикр келтиради. Масалан: (Баъзи одамлар уяли телефонни керак нарса деб ҳисоблайди, баъзилари эса уяли телефонсиз ҳаёт руҳий зарбаларсиз бўлар эди деб ҳисоблайди.) Одамлар кўпинча...деб айтади. Кўпчилик одамлар ... деган фикрни қўллайди. Айрим одамлар... га қарши. Фикрни умумлаштирувчи гап (Бу долзарб масала бўлганлигидан, ҳар томонлама таҳлил қилиш керак... Менинг фикримча, бу масала мунозарали ҳисобланади... Бу масалага мунозарали бўлганликдан, изланиш талаб қилинади... Бу қизиқарли масала, чунки... ва ҳ.к. )
-
Кириш – мавзуни мантиқий ва услубий жиҳатдан боғлаб ойдинлаштириш. Бу босқичда қаламга олинган мавзуни ёритиш учун саволни тўғри қўйиш муҳим. Чунончи, бу ўринда эссе ёзувчи "Кириш қисмида ушбу мавзуга маълумот бериш керакми?", "Мен танлаган мавзунинг долзарблиги қай даражада?", "Мен эссе ёзиш давомида ўз фикримни далиллаш учун қандай манбаларга таянаман?", "Мен калит сўздан келиб чиққан ҳолда тезис қўя оламанми?" каби саволларни ўз олдига қўйиши ва шунинг доирасида фикр юритгани маъқул. Эссенинг кириш қисми камида, икки хатбошидан иборат бўлиши ва ҳар бир хатбошида икки-уч гап ифодаланиши мумкин. Ўқувчини қизиқтириш, унинг эътиборини жалб этиш мақсадида эссенинг кириш қисми жонли ва аниқ ёзилиши керак. Бунда хитоб, ундов, шахсий тажрибага ишора, риторик сўроқ кабилардан фойдаланиш ўринлидир.
-
Кириш қисмида ўқувчи эссе мавзусига тушунча беради, шу орқали унинг эссе мавзусини қандай тушунганлиги аниқланади ва бу мавзу нима учун долзарб эканлиги ёритилади. Мавзу ва унинг долзарблиги ёритилгандан кейин тезис қўйилади. Тезисдан кейин асосий қисмга боғловчи гап ёзилади. Агар тезис аниқ ва яққол берилса, гап ёзилмаслиги ҳам мумкин. Тезис қўйиш эссенинг энг муҳим шартларидан биридир. Тезис – эссенинг калити. Калити топилмаса, эссенинг асосий мақсадига етиш қийин. Тезис – муаллифнинг шахсий нуқтаи назарини билдириб, у асосий қисмда исботланадиган фикрни йўналтирувчи ғоя ҳисобланади. Тезис эссенинг кириш қисмида ёзилади.
-
2.Асосий қисм
Асосий бўлимнинг кириш гапи (Мен бу воқеа-ҳодисага ўз кўзқарашимни шундай билдиргим келадики,... Мен шу масала бўйича ўз фикримни айтгим келади.) Кўтарилган масалага, фикрга боғлиқ муаммоли савол қўяди. Муаммоли саволни муҳокама қилади, ўз муносабатини исботлайдиган2-3 далил келтиради, уни мисоллар билан исботлайди. Фикрни умумлаштирувчи гап
-
Эссенинг тузилиши
Муаммоли саволга боғлиқ шахсий муносабатини билдиради. (Юқорида айтилгандай, мен ... ... қўллайман, чунки бунга бир қатор сабаблар бор:... Шу томонини қўллашнинг кўпгина ўзгачаликлари бор.Улар...Энг яхшиси... ) Ўз кўзқарашларини исботлаш учун 2-3 далил (факт) келтиради, уни мисоллар билан ойдинлаштиради. Биринчидан, /энг аввал... Биринчи навбатда ... ... бошлаш / энг бошидан, Иккинчидан, учинчидан, сўзимнинг охирида, энг охиргиси, бироқ асосийси Фикрни умумлаштирувчи гап
-
Муаммоли саволга боғлиқ қарама-қарши фикр (1-2 жумла) келтиради. (Айрим одамлар... ... деб ҳисоблайди, бироқ улар ... ... тушунмайди/улар ... ... эътибор бермайди. Айрим одамлар ... ... ... деб айтади. Мен улар билан келишмайман. Мен бундай фикрга қаршиман, сабаби ... , ... деган фикрни ҳозир кўпчилик маъқуллайди. Шунга қарамасдан, мен... ...деб ўйлайман. Юқоридаги фикрдан бошқа... мен ... ... деб ҳисоблайман.) Ўзининг шу фикрга қарши эътирозини тушунтириб, сабабини изоҳлайди. (бироқ, юқоридаги далиллар қайтарилмаслиги керак.) Фикрни умумлаштирувчи гап
-
Далиллар – ўқувчи томонидан айтилган фикрни исботлаш учун келтириладиган кўчирма (мақол, цитата, ҳикматли сўз, ривоят, шеърий парчалар ва ҳ.к.). Қўйилган тезисга камида иккитадан далиллар келтирилиши керак. Асосий қисмни ёритиш учун керакли маълумотларни келтириш жараёнида қўйилаётган масалага ўқувчининг шахсий муносабатини билдирувчи, шунинг билан бирга, менимча, менинг фикримча, биринчидан, иккинчидан, шу каби, демак, бироқ, ундай бўлсакаби кириш сўзлардан фойдаланиш ўринли бўлади.
-
3. Хулоса
Хулоса – мавзу бўйича чиқариладиган якуний жумлалар бўлиб, унда янги фикр-мулоҳазалар билдирилмайди, балки далилларга суянган ҳолда якун чиқарилиб, уни ечиш йўллари кўрсатилади. Эссенинг якуний қисмида асосий қисмда берилган муаммонинг ечими тасдиқланади ва мазмуннинг моҳияти очилади, яъни «Эссе бошида кўтарилган масала бўйича нима дейиш мумкин?» деган саволга аниқ ва тушунарли жавоб тарзида ёзилиши керак. Хулоса қисмида қуйидаги кириш сўзлардан фойдаланилади: мен шундай хулосага келдимки.., қисқаси, асосий фикрим шуки.., хулоса қилиб айтганда... ва бошқалар.
-
Эссе ёзиш жараёнида қуйидагиларга эътибор бериш керак:
1.Кириш ва якуний қисмдаги фикр асосий масалага узвий боғлиқ бўлади. Масалан, кириш қисмида “Мен... ҳақида шуни айтмоқчиман” деб бошланса, якуний қисмда “Мен ...хулосага келдим.”каби тугалланади. 2.Эссе ёзишда ҳис-ҳаяжонли/таъсирчан ва бадиий бўёқдор сўзлардан фойдаланилади. 3.Эссе кўламига эътибор бериш. ( 8,9-синф ўқувчилари учун: 150-170 сўздан иборат бўлади. Кириш – 30-40 сўз, асосий қисм – 70-80 сўз, хулоса – 30-40 сўз; 10-11-синф ўқувчилари учун:250-300 сўздан иборат бўлади. Кириш –50-60 сўз, асосий қисм –160-170 сўз, хулоса - 50-60 сўз)
-
Эсседа биргина мавзу атрофида фикр юритилади. Унда биргина фикр ўртага ташланади ва ривожлантирилади. Унинг бир неча мавзу ва бир қанча ғояси бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Эссе эркин композиция асосида ёзилади. Яхши эссени мавзуни яхши тушунган, уни ҳар томонлама идрок эта олган, ўз ғоялари билан ўқувчини ўйланишга мажбур эта оладиган одамгина ёза олади. Эссе ёзишда бир қолипдаги сўзлардан фойдаланиш, сўзларни қисқартириш, юзаки хулоса чиқаришдан холи бўлиш керак. Эссе тили салмоқлиликни талаб қилади. Бунда эссе мавзусини ойдинлаштириш, ҳажмини ва мақсадни аниқ белгилаб олиш муҳимдир. Эсседа бадиий тўқима ва фантазия бўлмайди. Унда адабий тил услубларидан тўғри ва ўринли фойдаланилади.
-
Эссе ихчам ҳажмли бўлгани боис, фикр-мулоҳаза билдиришда батафсил ҳикоялашдан чекланиш, келтирилган маълумотни ипидан игнасигача баён этишдан сақланиш, бир айтилган фикрни яна қайта такрорлашга йўл қўймаслик керак. Узундан узоқ, аралаш турдаги қўшма гаплар ўрнига қисқа ва ихчам ифода усулини қўллаган маъқул. Эссе хатбошиларга тўғри ажратилиши керак. Эссени ёзиб бўлгач, уни қайта-қайта ўқиб чиқиш тавсия этилади. Энциклопедия ва турли манбалардан олинган маълумотлар ўз ўрнида қўлланилиши керак. Акс ҳолда, эссенинг бадиийлиги ва таъсирчанлигига путур етади.
-
Ўзбек адабиёти фанидан ёзиладиган эссенинг баҳолаш меъёрлари
-
-
-
-
Баллни баҳога алмаштириш жадвали
-
Ўзбек тили фанидан ёзиладиган эссенинг баҳолаш меъёрлари
-
-
Баллни баҳога алмаштириш жадвали
Нет комментариев для данной презентации
Помогите другим пользователям — будьте первым, кто поделится своим мнением об этой презентации.